Икки кун мобайнида ташкил этилган фестиваль меҳмонлари мазали таомлар ва байрам томошаларидан баҳраманд бўлишди. Шунингдек, фестиваль доирасида умумий овқатланиш корхоналари ва ошпазлар ўртасида ўзига хос танлов ҳам ўтказилди.
Ва ушбу танловда қайси ҳудуд «мазали», кимнинг таоми энг ўзига хос, кўзга кўринган ва бошқа номинациялар - ошпазлик оламининг таниқли мутахассислари ва нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.
Шунингдек тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар ва сайёҳлар учун хорижий давлатлардан келган ошпазлар маҳорат дарсларини намойиш этишди.
Хорижий давлатлардан ташриф буюрган меҳмонлардан - Саудия Арабистони Ошпазларни ривожлантириш жамияти асосчиси ва бошқарув раиси, Бутунжаҳон бош ошпазлар ҳамжамияти уюшмасининг (ВАСС) аккредитациядан ўтган уста ошпази Ҳани Зайн Муҳаммад, тан олинган барбекю мутахассиси, халқаро ошпазлик ҳаками, Россия Миллий ошпазлар гилдиясининг ва кўплаб хорижий профессионал уюшмаларнинг фахрий аъзоси Николай Баратов, Қирғизистон ошпазлар уюшмаси раиси, халқаро ошпазлик ҳаками Шуҳрат Шарипов ва Озарбайжондан ташриф буюрган бош-ошпаз, кўплаб ошпазлик мусобақаларида ғолиб бўлган ўз ишини мохир устаси Зия Шахбазов бўлдилар.
Тадбирда ҳунармандлар, тикувчилик ва заргарлик санъати усталарининг қўл санъатлари акс эттирилган стендлар ҳам ўрнатилди.
Фестивалнинг мақсадларидан бири замонавий пазандачиликнинг пазандалик технологияларини намойиш этиш ва шу билан бирга Самарқанд шаҳри меҳмонлари ва аҳолисига Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари миллий пазандалик анъаналари билан яқиндан танишиш имконини бериш эди.
Таъкидлаш ўринлики, мазкур фестивалдан кўзланган мақсад мамлакатимизнинг гастрономик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, гастрономик туризм йўналишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, миллий пазандалик анъаналарини оммалаштириш орқали сайёҳлар оқимини кўпайтиришдан иборат.