+998712667800, +998712667778 O‘zbekiston Respublikasi, Toshkent shahri, Mirzo Ulug‘bek tumani, st. Oltin tepa, 354-uy
2022-11-22 11:14 1142

Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси жамоаси “Gastro Antaliya 2022” халқаро пазандалик чемпионатида совриндор бўлди

Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси жамоаси жорий йилнинг 17–20 ноябрь кунлари Туркияда (Анталия) ўтказилган “Gastro Antaliya 2022” халқаро пазандалик чемпионатида иштирок этди.

"Gastro Antaliya 2022" ошпазлик чемпионатида дунёнинг турли бурчакларидан, хусусан, Исроил, Италия, Сербия, Германия, Россия, Доғистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Испания, Туркия ва бошқа кўплаб давлатлардан ташриф буюрган ошпазлар, шунингдек, олий тоифадаги ҳакамлар ҳам иштирок этишди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ушбу чемпионат 2021 йилда пандемия сабабли чекланган иштирокчилар билан ўтказилган. “Gastro Antaliya 2022” чемпионати 32 давлатдан 600 дан ортиқ иштирокчиларни қамраб олган Туркиядаги энг йирик ва энг нуфузли мусобақага айланди.

Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси жамоаси чемпионат якунига кўра 4 та медални қўлга киритди. Жумладан, Шохрузхон Ибрагимов “Балиқли таом” номинацияси бўйича 1-ўрин (олтин медаль) ва “Замонавий ошхона – гўштли таом” номинацияси бўйича 2-ўрин (кумуш медаль), Элербек Мирбобоев эса “Йилнинг олтин ошпази” номинацияси бўйича 1-ўрин (олтин медаль) ва «Паста» номинациясида 2-ўрин (кумуш медаль) соҳиби бўлишди.

IMG_0076

Биз эришган ютуқларимиз билан чекланмаймиз, фақат юқорига интиламиз.